20-28 октябрь кунлари Жиззах вилояти мусиқали драма театри жамоаси Туркиянинг Малтепе шаҳрида ўтказилган VI халқаро Малтепе театр фестивали ҳамда Анқарада бўлиб ўтган ХVI этнос Анқара халқаро театрлар фестивалида иштирок этди.
Мазкур халқаро фестивалларда театримиз жамоаси “Кўчки” спектакли билан иштирок этди. Турк драматурги Тунжар Жўжанўғли қаламига мансуб мазкур асарни саҳналаштиришда туркиялик режиссёр Кубилай Эрделикара билан ҳамкорлик қилинди. Асар воқеалари Туркияда содир бўлса-да, унда илгари сурилган ғоя ўзбек жамияти учун ҳам долзарб.
Этнос Анқара халқаро театр Фестивали маъмурияти Жиззах вилояти мусиқали драма театри фестивалда иштирок этиш ҳақида ўзининг фасебоокдаги расмий саҳифасида шундай ёзади:
“2019 йилда вафот этган драматургимиз Тунжер Жужeноғлу пьесалари дунёнинг 35 дан ортиқ тилларига, жумладан, рус, инглиз, немис, грузин, татар, серб, араб, урду, македон, болгар, қозоқ, форс, хитой тилларига таржима қилинган. У нафақат таржима қилиниб, балки дунёнинг турли мамлакатлари театрлари репертуарига ҳам кирди ва саҳнада талқин қилинмоқда. Этнос Анқара халқаро театр фестивалида, дунёдаги энг кўп саҳналаштирилган спектакллардан бири, “Кўчки”га салом деймиз.
Ўзбeкистоннинг Жиззах вилояти мусиқали драма тeатрида Кубилай Эрдeликара режиссёрлигида саҳналаштирилган “Кўчки” пойтахтимиз Анқарада Этнос томошабинлари эътиборига ҳавола этилади. Ушбу спектакль намойиши билан марҳум драматургимиз қайта туғилди, дейишимиз мумкин”.
Спектаклда ҳар томондан катта тоғлар билан ўралган қишлоқ ҳаёти гавдалантирилади. Маҳаллий аҳоли баланд овозда гаплашишмайди, овоз чиқариб кулишмайди. Чунки, товуш тўлқинлари қор кўчкисини келтириб чиқариши мумкин. Оддий бўлмаган бу вазиятда, кўчки кўчиш хавфи йилнинг тўққиз ойи давомида сақланиб қолади…. Ва атиги уч ой давомида маҳаллий аҳоли тўй-томоша қилиши, баралла куйлаши, чақалоқ дунёга келтириши мумкин бўлади…
Жамила Деҳқонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
“Фестиваль ташкилотчилари бизни жуда яхши кутиб олишди. Туркияга биринчи марта спектакль билан чиқишимиз эди, чин дилдан ҳаракат қилдик, қаттиқ тайёрландик. Туркларни урф одатларини кўрдим, ўшанга мослашишга, шундай бўлишга ҳаракат қидим. Сектакль бошланганида томошабинларни асар ичига олиб кириб кетолдик. Якунда томошабинлар ўрнидан туриб кўзларида ёш билан олқишлашди. Қўлларида рўмолчалари ҳам бор. 70-80 ёшдаги киши кўзида ёш билан саҳнага чиқиб ҳаммамизга раҳмат айтиб қўлимизни ўпиб чиқди. Санъат сабаб икки давлат, икки диллар туташди. Қувонч кўз ёшлари билан хайрлашдик”.
Тақдир тақозоси билан ана шу кўчки хавфи кучайган бир пайтда қишлоқдаги бир оилада чақалоқ дунёга келиши кутилади. Спектаклда шу муаммонинг ечимини излаш, авлодлар давоми саналган дунёга келадиган бегуноҳ гўдак ҳаётини сақлаб қолиш, аммо шу билан бирга муқаддас ҳисобланмиш ўз қишлоғи, Ватанини кўчки хавфидан асраш каби зиддиятларга тўқнаш келинади.Спектаклнинг кескин тўқнашувларга бой саҳналари айнан шу ердан бошланади. Шундай мураккаб вазиятда, ўлим хавфи муқаррарлиги аниқ бўлганда ҳам асар қаҳрамонлари туғилиб ўсган маконини ташлаб кетмайди. Нима қилиш керак, туғилажак гўдак ва онадан воз кечиш керакми ёки бутун қишлоқ ҳаётини хавф остида қолдириш?
“Кўчки”га бўлган қўрқув замирида асрлар давомида сақланиб қолган урф-одатлар, стереотипларга кўр-кўрона эргашиш очиб берилади.
Абдураим Лапасов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
“Борганимизда фестивалда иштирок этувчи қирқ мамлакатдан бири сифатида муомала қилишди. Спектаклимизни кўришганидан кейин ташкилотчилар, актёрлар муносабати бутунлай ўзгарди. Янада яхшироқ, алоҳида эътибор билан муносабат кўрсатишди. Шундан билдимки, турк томошабинларида ва ижодкорларида Жиззах театрига бўлган таассурот яхши бўлди. Сизни кекса нуроний деб ўйлаган эдик, шижоатингиздан навқирон экансиз. Қаҳрамонингизнги жуда яхши ижро эттингиз, деб қардонлардек қучоқлаб табриклашди. Қадрдонлардек хайрлашдик.
Сафаримиз давомида Анқара опера театрига бордик, актёрлар билан суҳбатлашдик. Актёрларга яратилган шароитлар билан танишдик. Солиштирганда бизни театримизда анчагина яхши шароитлар яратилган экан, деган хулосага келдик. Театримиз уларникига қараганда анча мукаммал. Ўзингнинг юртинг, ўз театринг, ўз ижодхонанг ўзингга яхши, албатта”.
Спектаклда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Абдураим Лапасов, Жўра Исроилов, Жамила Деҳқонова билан бир қаторда ёш ва умидли актёрлар ҳам ўз ролларини маҳорат билан ижро этишган.
Умид Нурматов, Жиззах вилояти мусиқали драма театри саҳналаштирувчи режиссёри:
“Хорижий фестивалларда иштирок этиш жамоага аввало катта масулият ва ўз иқтидорларини кўрсатиш учун катта майдон бўлиб хизмат қилади.
Жамоамиз ўзларига юклатилган вазифани аъло даражада уддалашди. Фестиваль юқори даражада ташкиллаштирилган. Ҳамма ўз ишини билади. Фестиваль янги дўстлар, янги ғояларга туртки бўлди.
Туркиялик ҳамкасбларимиз спектаклни катта қизиқиш билан қарши олдилар. Айникса, спектаклда созандалар танбур (Муҳаммадали Мунаввархўжаев) ва най (Қобил Мустофоқулов)ларнинг жонли ижроси уларни ҳайратлантирди. Актёрларнинг табиий ва ишонарли ижролари уларда катта таасурот қолдирди”.
Ҳар иккала фестивалда ҳам театримиз ижодкорлари ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди. Энг муҳими, Ўзбекистонда Жиззах мусиқали дарама театри борлигини, унда иқтидорли актёрлар, ўз касбининг мутахассиси бўлган ходимлар ишлашини билишди.
Чарос ЁҚУБОВА,
Театр адабий бўлим мудири,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.