ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТ МУСИҚАЛИ ДРАМА ТЕАТРИ:
КЕЧА ВА БУГУН

03.08.2022
Пресс-тур
ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТ МУСИҚАЛИ ДРАМА ТЕАТРИ:
КЕЧА ВА БУГУН

Жорий йилнинг 3 август санасида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан «Жиззах вилоят мусиқали драма театри: Кеча ва бугун» мавзусида пресс-тур ўтказилди.
Матбуот анжуманида вилоятда фаолият кўрсатаётган бир қатор ОАВ вакиллари, журналистлар, ахборот хизматлари раҳбарлари ва блогерлар иштирок этдилар.
Пресс-тур давомида иштирокчилар театрнинг тарихи ва бугунги куни ҳақидаги кўплаб маълумотларга эга бўлдилар.

Театр тарихи ҳақида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Лапасов, бугунги фаолияти тўғрисида театр директори Ғулом Дархонов, театр ижодий жамоасининг репертуари ва истиқболли режалари ҳақида бош режиссёр Шоҳруҳ Йўлдошев маълумотлар берди.
Шу ўринда театрнинг бош режиссёри Шоҳруҳ Йўлдошев ҳақида бир оғиз маълумот:
Истеъдодли ёш режиссёр Шоҳруҳ Йўлдошев 2014 йилда «Дебют» республика театрлараро фестивалида Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат» асари асосида ёзилган «Фалакнинг гардиши» спектакли билан «Энг яхши режиссёр» номинацияси, 2017 йилда Сардор Ҳамроевнинг «Баҳодир» номли спектакли билан иштирок этиб, «Энг яхши спектакль» номинациясини қўлга киритган.
Пресс-тур давомида театр жамоаси кузги мавсумда премьераси бўлиб ўтиши режалаштирилган «Ревизор» комедиясидан парчалар намойиш этдилар.
Рус мумтоз адабиётининг атоқли намояндаси Н.В. Гоголь қаламига мансуб ушбу асар устида ишлашдан олдин Антон Чехов қаламига мансуб «Айиқ» спектакли томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлган эди.
– Рус классиклари асарларига мурожаат этиш дунёнинг энг машҳур драматургларининг саҳна асарларини Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театри саҳнасига олиб чиқишга тайёргарликнинг илк босқичи, – дейди театр бош режиссёри Шоҳруҳ Йўлдошев. – Албатта, тарихий сиймолар, миллат қаҳрамонлари, замон қаҳрамонлари образларини яратиш – бизнинг энг биринчи галдаги вазифамиздир. Шу маънода, ўтган йили давлат буюртмаси асосида саҳналаштирган «Нодирабегим», турк драматурги Тунжар Жўжанўғлининг «Бўёқчи», Шароф Бошбековнинг «Тақдир эшиги», Наим Каримовнинг «Гули ва Навоий» асарлари саҳналаштирилди.
«Гули ва Навоий» ҳамда Чеховнинг «Айиқ» асари асосида саҳналаштирилаган спектакллар «Маданият ва маърифат» телеканалининг «Муносабат» кўрсатувида намойиш этилди. Ушбу спектакллар хусусида санъатшунос олимлар, театр мутахассислари кўплаб ижобий фикрлар билдирдилар.
Бу йил саҳналаштирилган «Тож» фалсафий драмаси (қирғиз драматурги Султон Райис) томошабинлар қалбида чуқур из қолдирди, деб ўйлаймиз. Жорий йилнинг кузида Туркияда бўлиб ўтадиган туркий тилли мамлакатлар театрларининг халқаро фестивалига иштирок этиш учун таклиф қилинганмиз. Бу эса меҳнатларимиз бекорга кетмаётганининг далолатидир.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Лапасов театр директори Ғулом Дархоновнинг ташкилотчилик фаолияти ҳақида сўзларкан, «Директоримизнинг куюнчаклиги, ташкилотчилиги бизларга қанот бўлмоқда. Бу инсоннинг иш тажрибасини бутун республика театрлари раҳбарларига ўрнак сифатида кўрсатса арзийди», дейди миннатдор оҳангда.
Дарҳақиқат, театрда қизғин жараён кетмоқда. Мамлакатимизнинг кўплаб вилоятларида (Сурхондарё, Қорақалпоғистон, Хоразм, Андижон, Фарғона ва Наманган) ижодий сафарда бўлган театр жамоаси репертуаридаги спектакллар томошабинларга манзур бўлмоқда.
Йил давомида атоқли драматург Шароф Бошбековнинг «Зўрдан зўр чиқса» драмасини Шоҳруҳ Йўлдошев, Туроб Мақсуднинг «Совуқ шамол адабий эсмайди» номли драмасини режиссёр Умид Нурматов саҳналаштириши режалаштирилган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар – Абдураим Лапасов, Олия Эштўхтарова, Жўра Исроилов, Жамила Деҳқонова, Рая Абдуллаева ҳамда навқирон авлод вакиллари – Ҳамроз Маҳмудов, Сарвар Мустонов, Дилшод Норматов, Вазира Мирзаева, Наргиза Мирзаева, Гулзода Йўлдошева, Тоир Норматов, Жасур Ҳазратқулов, Соҳиб Солиев, театр рассоми Акмал Абдуллаев, навбатчи режиссёр Умид Нурматовларнинг саҳна маҳоратлари, фидоийликлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтса арзийди.
Бу энди бошқа ҳикояларимизнинг мавзуси бўлади.