ТЕАТРДА ЯРИМ КУН
Бугун ишхонада иш қизигандан қизиди. Эрталабдан тушгача турли тадбирларда бўлиб жудаям чарчадим. Турмуш ўртоғимни ишхонасига кириб, уйга бирга кетишни режалаштирдим (вилоят мусиқали драма театрида ишлайдилар). Борсам навбатдаги спектаклни топшириш олдидан «прогон» тайёргарлик бўляпти экан. Залга кириб бироз томоша қилдим. Гогольнинг «Ревизор» қиссаси асосида спектакль саҳналаштириляпти.
Ёш истеъдодли режессер Шоҳрух
Йўлдошев бошчилигида яратилаётган саҳна асари қаҳрамонлари учун роллар тўғри танлаб олинган. Жўра Исроилов, Вазира Мирзаева, Ҳамроз Маҳмудов ва бошқа ёш, истеъдодли акёрлар жамоаси ўзларига берилган ролларни маҳорат билан ижро этишмоқда. Актёрларнинг руҳияти асар билан бирлашиб кетганлигини англаш қийин эмас. Улар ўша давр воқеилигини тўкис намоён этиб бера олишяпти. Бунинг учун режессер озмунча тер тўкмаган.
Қолаверса мазкур комедия асари макон танласада, замон танламаслиги билан ҳам айни кунларда аҳамиятли эканлигини асарни ўқиган ёки спектаклни кўрган одам тезда илғаб олади.
Қиғизи, театр, жонли ижро, маданий хордиқ инсонга маънавий озуқа беради. Спектаклни томоша қилиб, чарчоқларим бутунлай йўқолди. Спектакл тугагач, ўзимни енгил ҳис этдим. Чунки комедия жанридаги асар бўлганлиги учун кўп эпизодлар одамни кулдиради. Бу эса кўнгилдаги ғуборлар, чарчоқлар ва оғирликларни бутунлай кетказар экан.
Яна бир гап, саҳна дизайни ҳам зўр ишланган. Кенг ва катта саҳнада ўша замон тасвири, маданияти яратилиб, жиҳозлар ҳам замонга мос қилиб ишланган.(рассом хўжайиним😊)
Хуллас, спектаклни ўз кўзингиз билан кўрсангиз, гапларимга ишонч ҳосил қиласиз. Бунинг учун вақтингизни аямай, театрга тушинг. Маданий хордиқ ҳам олиб туриш керак.
Спектакл келаси ҳафтадан қўйила бошлайди. Сиз ҳам театрга тушинг ман айтди дейсиз, бутун чарчоқларингиз тарқайди. Бўлмаса, чипта пулини қайтариб бераман.
Театрнинг изланувчан, ёш режессери ва жамоасига омад тилайман. Тег қилганларимни эса премьерага таклиф қиламан.
Замира Абдуллаева.